Афсус, умр беҳуда бўлмишдир барбод,
Бўлмадим ҳаромдан бир нафас озод,
Буюрганин қилмай юзим қародир.
Амрингдан ташқари ишларингдан дод!
• • •
Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз,
Ақл кўзин қораси — жавҳари ҳам биз.
Тўгарак жаҳонни узук деб билсак,
Шаксиз унинг кўзи — гавҳари ҳам биз.
• • •
Сен-мендан олдин ҳам тун-кун бор эди,
Айланган фалак ҳам бутун бор эди.
Тупроққа авайлаб қадамингни қўй,
Бу тупроқ қора кўз бир нигор эди.
• • •
Кулол дўконига кирдим бир сафар,
Дастгоҳда ишларди уста кўзагар,
Гадо қўлидан-у, шоҳнинг бошидан,
Кўзанинг бўйни-ю дастасин ясар.
• • •
Йўқликдан пок келиб, нопок бўлдик биз,
Шўху қувноқ келиб, ғамнок бўлдик биз.
Кўзимиз тўла ёш юракда олов,
Умр елга кетди, ҳам ҳок бўлдик биз.
instagram.com/angren_muzey www.angrenmuzey.uz t.me/angren_muzey
|