Миллатим деб ўтдилар бобом,
Миллат учун қўйган қадамлар.
Сизни дея кетдилар бобом,
Қодирийни сотган одамлар.
Сабабмиди «Ўткан Кунлар»и,
Мотам бўлди кетган кунлари.
Қандай отди сўнгги тонглари ?
Қодирийни сотган одамлар.
Иймон борми айтинг-чи, сизда,
Чоҳ қазийсиз тик қараб кўзга,
Юрагингиз ўралган музга,
Қодирийни сотган одамлар.
Охиратда бор сизга сўроқ,
Аросатдан оласиз сабоқ.
Меҳробдаги Чаёнсиз, бироқ,
Қодирийни сотган одамлар.
Воситачи бўлиб ишлайсиз,
Мулозамат қилиб хушлайсиз,
Ҳайвонмисиз, жавоб бермайсиз ?
Қодирийни сотган одамлар.
Ҳар - лаҳзада тайёрсиз жангга,
Сиз ёққан чўғ олар алангга.
Асли душман сизсиз Ватанга,
Қодирийни сотган одамлар.
Буюкдирсиз, номдор маддоҳсиз,
Лаганбардор, осий, гумроҳсиз.
Миллатимиз шаънига доғсиз ?
Қодирийни сотган одамлар.
Дунё сиздан кўрди ранж - алам,
Ер ютсайди «Ҳомид»ларни ҳам,
Кечирмайди Яратган эгам,
Қодирийни сотган одамлар.
Қодирийни "ОТГАН" одамлар!
©Абдувоҳид Сувонов
instagram.com/angren_muzey www.angrenmuzey.uz t.me/angren_muzey
|