20:43
Олим бўлиш учун

Бир ўсмир йигит бир олимнинг олдига келиб сўради:

– Устоз, сиздай донишманд олим бўлиш учун нима қилишим керак?

Донишманд жавоб бермади. Ўспирин унинг ортидан бир неча кун тинимсиз эргашиб юрди, саволини такрорлайверди. Ниҳоят олим унга “ортимдан юр!” деган ишора берди-да, дарёга бошлаб борди. Сувга тушишди. Шу пайт донишманд ўсмирнинг елкасидан қаттиқ тутиб, сувга ботирди. Бола бечора қутилишга минг чиранмасин, уддасидан чиқолмади. Озроқ вақт ўтгач, олим уни қўйиб юборди. Ўсмир ўпкасини тўлдириб-тўлдириб нафас олди, бир оздан сўнг сал-пал ўзига келди. Шунда устоз сўради:

– Болам, сувда димиқиб турган пайтинг энг кўп истаган нарсанг нима бўлди?

– Ҳаво! Фақат ҳавога етишишни хоҳладим! – деди ўспирин ҳеч иккиланмай.

– Унинг ўрнига бойликми, кўнгил очишми, куч-қудрат ё севги-муҳаббатми истамадингми? – деб сўради донишманд.

– Асло йўқ. Нафасим тугаб, бўғриқиб кетдим, фақат ҳаво олишнигина истадим, холос, – деди ўсмир шоша-пиша.

– Олим бўлиш учун, бўталоғим, – деб сўзида давом этди устоз, – худди ана шундай хоҳиш керак. Сен бошқа мақсадларни четга суриб, фақат шу йўлда ҳаракат қилишинг керак. Бу мақсад кечаю кундуз хаёлингни банд этиши зарур. Агар олимликка шундай ғайрат билан интиладиган бўлсанг, ниятингга албатта етишасан.

instagram.com/angren_muzey www.angrenmuzey.uz t.me/angren_muzey

Ko'rishlar: 426 | Qo'shilgan: doynub | Baho: 0.0/0
Jami sharhlar: 0
avatar