21:50 ЧИН ИХЛОС | |
Доктор Ишон Ҳусайний сафарга отланди. Тиббиёт соҳасида кўрсатган хизматлари учун халқаро анжуманга таклиф этилган. Самолёт осмонга кўтарилди-ю, об-ҳаво айнигани боис йўналишини ўзгартириб, бошқа шаҳарга қўнди. Кейинги рейс ўн олти соатдан сўнг экан. Бундан хабар топган доктор қаттиқ асабийлашди: “Шунча вақт кута олмайман, кечга қоламан ахир!” Аэропорт ходимлари ижарага автомашина олиб, манзилга тезроқ етиб бориш мумкинлигини айтишди. Жаноб Ҳусайний шоша-пиша йўлга чиқди, аммо аксига олиб, тез орада жала қуя бошлади. Атрофда на бир зот, на бошқа улов кўринади. Бундай ҳавода машина бошқаришнинг ўзи бўлмайди. Доктор йўл юзидаги чоғроқ бир уй ёнида тўхтаб, эшикни тақиллатган эди, қулфланмаган экан. Ёмғирда ивиб кетган мусофир мезбондан ижозат ҳам сўрамай, ўзини ичкарига урди. Унга кекса аёл пешвоз чиқди. Доктор онахонга узрини айтиб, ҳовлиққан кўйи вазиятни тушунтирди: – Зудлик билан қўнғироқ қилишим лозим, телефонингизни бериб турсангиз. Аёл кутилмаган меҳмоннинг аҳволини кўриб, унга ачинди: – Телефонингиз борми, қўнғироқ қилиб олсам бўладими? Чорасиз қолган меҳмон онахоннинг таклифини қабул қилди, ичкарига кириб исинди, эгнини қуритди, бир оз тамадди қилди. Шунда қўшни хонада унсизгина ётган гўдакка кўзи тушди. Тепасига бориб, унинг хаста эканини англади. – Холажон, бу болага нима бўлган? – Бу неварам... ҳам отаси, ҳам онасидан айрилган. Шаҳарчамиз шифокорлари касалига чора топа олишмади. Уларнинг айтишича, пойтахт томонларда Ишон Ҳусайний дегани бор экан, неварамни фақат шу одам даволай олармиш. Уни қанақа қилиб топаман? Ўзим у ёқларга боролмасам, бировни жўнатиб, чақиртирай десам, қўлим калталик қилади... – Онахоннинг овози титраб кетди. – Кечаю кундуз Парвардигорга илтижо қилиб, жигарбандимнинг дардига даво топадиган ўша бандангга рўпара қил, дейман. | |
|
Jami sharhlar: 0 | |