(1318-1389)
Муҳаммад бинни Муҳаммад Баҳоуддин ан-Нақшбандал-Бухорий (кўпроқ Баҳоуддин ёки Хожа Баҳоуддин, Балогардон, Хожаи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан машҳур) (1318-Бухоро вилояти, ҳозирги Когон тумани-1389) машҳур авлиё, нақшбандия тариқатининг асосчиси ҳисобланади.
Туғилган жойи ва келиб чиқиши . У туғилган қишлоқ Қасри Ҳиндувон (кейинчалик Қасри Орифон) деб аталган.
Унинг оиласи ва фарзандлари тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Лекин Баҳоуддин Нақшбанд Муҳаммад пайғамбар авлодларига мансуб саййидзодалардан эканлиги қайд этилган ва
ота томондан 11-чи имом Имом Хасан ал Аскарийнинг иккинчи ўғли Саййид Али Акбарнинг авлоди ҳисобланади Отаси Муҳаммад Бухорий тўқувчи ҳамда ўйма нақш солувчи (нақшбанд) бўлган.
Баҳоуддин Нақшбанд тақдирида бобоси Саййид Жалолиддин Бухорийнинг алоҳида хизмати бор.
У суфийлар билан яқин алоқада эди. Шу сабабли набирасида илоҳиётга катта қизиқиш уйғотди.
Пирлари Баҳоуддин Нақшбанд нинг биринчи пири — устози Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий эди. Кекса шайх ёш Баҳоуддин Нақшбандни тарбиялашни ўринбосарларидан бўлмиш Амир Саййид Кулолга топширди. У тариқат бобида билганларини ўргатиб бўлгандан кейин шогирдига ижозат беради.
Баҳоуддин Нақшбанд илм истаб, яссавия тариқати шайхларининг машҳур вакилларидан бўлмиш Қусам шайх олдига, Нахшаб, яъни ҳозирги Қарши шаҳрига боради. Уч ой ундан таълим олади. Баҳоуддин Нақшбанд- нинг бу пирга ихлоси баланд бўлган, айни чоғда Қусам шайх ҳам уни ўз ўғлидек билиб, муридига чексиз ҳурмати туфайли умрининг охиригача Бухорода яшаб, шу ерда вафот этади.
Баҳоуддин Нақшбанд нинг деярли бутун умри Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқпарда суфийлик билан ўтган. У икки марта ҳаж қилган. Ғарибона ҳаёт кечирган, фақат ўз меҳнати — кимхобга нақш (гул) солиш билан кун кўрган. Хизматкор ёки қул сақлашни гуноҳ деб билган.
Таълимоти Баҳоуддин Нақшбанд халқ орасида "Балогардон" (яъни дуо билан бало-қазони даф қилувчи) унвони билан ҳам машҳур.
Ўз таълимотини яратишда Юсуф Ҳамадоний ва Абдуҳолиқ Ғиждувоний назарияларига асосланган. Таълимотининг асосида
"Дил ба ёру, даст ба кор" ("Кўнгил Оллоҳда бўлсин, қўлинг меҳнатда") деган шиор ётади.
Динга ҳиссаси
Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуфдаги илгарилари амалда бўлган қаттиқ талабларни бир қадар юмшатди, мўътадиллаштирди, кундалик турмушга мослади. Унингча, Оллоҳга интилиш кўнгил билан амалга ошиши керак. Қул эса иш меҳнат билан банд бўлаверсин.
Баҳоуддин Нақшбанднинг таркидунёчилик қилмай, демакки, бу дунё ишларидан очиқ ошкор қўл силкимай туриб ҳам Оллоҳга етишиш мумкинлиги ҳақидаги ғояси мусулмон оламида тасаввуфнинг жуда кенг аҳоли қатламлари ичига кириб боришини таъминлади.
Нақшбанд мақбараси
Баҳоуддин Нақшбанднинг қабри азалдан зиёратгоҳ ҳисобланади. Илгари амирлар тахтга ўтиришдан олдин, сафарга чиқаётганда ва қайтаётганда албатта Баҳоуддин Нақшбанд дахмасини зиёрат қилишган. Абдулазизхон 1544 йилда Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси ёнида улкан бир хонақоҳ қурдирган. Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин нақшбандия тариқати кенг ёйилди. Кейинроқ, 15-асрда Хожа Аҳрор Убайдуллоҳ Валий бу тариқатнинг энг йирик раҳнамоси сифатида майдонга чиқди.
Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Муҳаммад Қози, Махдуми Аъзам, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби алломалар ҳам нақшбандия тариқатида эдилар. Улар ижодида нақшбандия гоялари кенг ва атрофлича тарғиб этилди.
instagram.com/angren_muzey www.angrenmuzey.uz t.me/angren_muzey
|