Аввало, нафақат халқимиз, балки бутун дунёни коронавирус ташвишга солиб турган пайтда ҳукуматимиз кўрсатмаларига амал қилиб, карантин қоидаларига риоя этиб, УЙДА ҚОЛАЁТГАН ҳар бир юртдошимизга миннатдорчилик билдирамиз.
Маданият вазирлиги ҳам бу касалликка қарши кураш йўлида барча ҳукумат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар билан бирлашишни ўзининг давлат ва халқимиз олдидаги бурчи деб билади. Бу жараёнда аввало ҳар биримиздан матонат ва юксак маданият талаб этилади. Синовларни енгиш йўлида якдиллик, бир тану бир жон бўлиб юрт раҳбарининг, давлатнинг, фидойиларнинг атрофида жипслашиш бугун ҳар доимгидан муҳим.
Бироқ, бу борадаги тарғибот ташвиқот ишларини жиддий қабул қилмасдан, боз устига унга турли ахлоқий меъёрларга зид шаклда муносабатда бўлаётган, жамоатчилик фикрини чалғитишга, ҳатто шахсларни обрўсизлантиришга уринаётганлар ҳам учраётгани ачинарли ҳол.
Коронавирус, бу шунчаки пандемия эмас! У инсониятнинг, давлатларнинг келажагини, ўзаро муносабатларини белгилаб берувчи мезон ҳамдир. Бизнинг унга муносабатимиз эртага дунё ҳамжамиятининг, бошқа давлатларнинг бизга нисбатан муносабатини белгилайди. Давлат тараққиёти, шаъни, миллат саломатлиги, келажак авлод соғлиги бугун ҳар биримизга боғлиқ! Бу курашда ғолиблик ҳам, мағлубият ҳам ўз қўлимизда!
Азиз дўстлар! Куни кеча маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан тақдим этилган “Гўзал ҳаёт” номли қўшиқ турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Албатта, маданият вакиллари ўз ижодий асарларига билдириладиган муносабатларни кутади ва улардан тегишли хулоса чиқаради. Ушбу қўшиқ Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус пандемияси муносабати билан халқимизга йўлланган мурожаатларидан руҳланган ҳолда дунёга келди. Маданият вазирлигининг мақсади аввало, мана шундай ўта машаққатли, синовли кунларда халқ дардида қайғураётган юрт раҳбарига, ватанимизнинг фидойи шифокорлари-ю, ҳуқуқ тартибот ходимларига, хайру-саховат ишларида фаол бўлган фуқароларимизга далда бўлиш, уларни руҳлантиришдан иборат. Чунки,уларга осон бўлаётгани йўқ. Бизга уйда ўтириш оғирлик қилаётган бир пайтда улар уйга боришни орзу қилишяпти. Қолаверса, олижаноб халқимизга юрт отасининг мурожаатини чуқурроқ етказиш, юртдошларимизни бирдамликка, якдиллика, сабру қаноатга чорлаш мақсадида ҳам бу лойиҳага қўл урилди. Халққа аталган асарни ким яратиши муҳим эмас. Ундан чиқариладиган хулоса муҳим! Ибрат муҳим! Бугун юртимизда пандемияга қарши қилинаётган ишлар қамровини тўлақонли тасаввур қила оладиган ҳар бир киши шундай хулосага келиши ва уни халққа етказишга ошиқиши аниқ. “Гўзал ҳаёт” қўшиғи ана шундай хулоса маҳсулидир!
Ҳурматли ватандошлар! Карантин эълон қилинганига ҳали бир ой ҳам бўлмади. Лекин, ҳар биримиз унгача бўлган гўзал ҳаётимизни соғина бошладик. Бизни чарчатиб қўйган ўша ташвишларни ҳам, югур-югурларни ҳам, тиним билмас турмуш икир-чикирларини ҳам соғина бошладик ҳатто. Ўша кунлар албатта яна қайтади. Қайтганда ҳам ўз қадрини ўтказиб қайтади. “Гўзал ҳаёт”ни тўлақонли ҳис қилишни ўрганган кунимиз у қайтади. Бироқ, ҳар ким аравани ўзи томонга тортадиган, ақл эмас, ҳиссиётларга эрк берадиган бўлса, гўзал ҳаёт биздан узоқлашиб бораверади. Унинг тезроқ қайтиши учун эса бугун қўлни-қўлга берайлик! Юртбошимизга қанот бўлайлик, бирлашайлик! Буни уддалаймиз! Бу қўлимиздан келади! Бунга тарих гувоҳ...
Гўзал ҳаёт давом этмоғи учун,
Сабот билан кўрсатинг халқнинг кучин...
Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги Ахборот хизмати
instagram.com/angren_muzey www.angrenmuzey.uz t.me/angren_muzey
|