Абдуллоҳнинг телефони жиринглади. Дўстларидан бири ташвишга туширадиган, қалбнинг тинчини бузадиган машъум нарсадан хабар берди. Телефонда гаплашаётиб кайфияти бузилган Абдуллоҳдан оила аъзолари ташвишнинг сабаби нима эканини сўрашди. Абдуллоҳ рўй берган воқеани айтиб берганди, улар ҳам Абдуллоҳнинг ташвишига шерик бўлиб, бутун оила биргаликда ғамга ботди. Ҳеч қанча вақт ўтмай ҳалиги дўсти яна телефон қилиб, мазкур айтган ташвишли хабари ҳазил экани, бундан баъзиларнинг одатига кўра 1 апрел муносабати билан айтиладиган ёлғонни ва ҳазил-мутойибани ирода қилганини айтди.
Шариатимиз бундай хунук ҳазилга нима дейди?
Ёлғончилик хулқларнинг энг ёмони ва ўта пасткашлик бўлиб, Ислом шариати уни иймонни қотирадиган, иймондан узоқлаштирадиган ва мунофиқликнинг белгиларидан бўлган хулқ деб эътибор қилади.
Шариатимиз баъзи бир истисноли ўринлардагина ёлғон гапиришга рухсат беради. Лекин бу истисноли ўринлар ичида ҳазиллашиб ёлғон гапиришга ўрин йўқдир.
Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни кулдириш мақсадида гапириладиган ёлғондан қайтариб шундай деганлар: “Ёлғон гапириб одамларни кулдирадиган кишига вайл бўлсин, унга вайл бўлсин, унга вайл бўлсин...” Имом Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривояти.
Бошқа бир ҳадисда эса шундай деганлар: “Ёлғонни ҳатто ҳазил ўрнида ҳам тарк этмагунича банда комил иймон келтирган бўлмайди”. Имом Аҳмад ривояти.
Демак, ушбу ҳадислардан маълум бўладики, ҳатто ҳазил-мутойиба ўринларида ҳам ёлғон гапириш мумкин эмас экан.
Шунингдек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўп ҳадисларида мусулмон киши ўз биродарини хоҳ ҳазиллашиб, хоҳ чиндан бўлсин, қўрқитишдан қайтарганлар.
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан йўлда кетаётган эдик. Бир киши уловининг устида мудраб қолди. Шунда бир киши унинг ўқдонидан ўқни олиб қўйди. У киши уйғониб, қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кишига ҳеч бир мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмасдир”, дедилар. Имом Тобароний раҳматуллоҳи алайҳ ривояти.
Язид ибн Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: у киши "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизлардан бирортангиз биродарининг буюмини ҳазиллашиб ҳам, чиндан ҳам олиб қўймасин”, деб айтаётганларини эшитдим", деди. Имом Абу Довуд ривояти.
Демак, ушбу ҳадисдан маълум бўладики, бировнинг буюмини ҳазиллашиб ҳам олиб қўйиш жоиз эмас экан.
Сизни қалби ва икки қулоғи билан тинглаб турган, сизга ишонч билдирган кишини алдашни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам катта хиёнат деб, шундай деганлар: “Биродарингиз сизга ишониб турса-ю, сиз унга ёлғон гапириб, уни алдашингиз қандаям катта хиёнатдир”. Имом Аҳмад ва имом Тобароний ривоят қилишган.
Бундай ёлғонлар, хусусан 1 апрел муносабати билан гапириладиган ёлғонларнинг тўрт жиҳатдан ҳаром экани маълум бўлади.
Биринчи: Ёлғон гапиришнинг ўзи ҳаром. Чунки Қуръони карим ва ҳадиси шариф бундан қайтарган.
Иккинчи: Бундай ёлғон ҳазил бўлса-да, унинг ортида бир лаҳза бўлса ҳам асоссиз, ҳожатсиз бир инсонни қўрқитиш, ваҳимага солиш, қалбини сиқиш вужудга келади. Рости айтилгунга қадар бу ёлғонни ким эшитса, ташвишга тушиши, хусусан оила аъзоларининг ғамга ботиши рўй беради.
Учинчи: Бу ёлғонда хиёнат бор. Чунки сизга ишониб турган кишини сиз алдаяпсиз. Кейин яна қайта ишончини оқлай оласизми?
Тўртинчи: 1 апрел ёлғонига тақлид қилиш аҳмоқона одатга тақлид қилишдир. Шунингдек бизнинг юртларимизда бўлмаган, халқимиз орасида тарқалмаган, динимизга зид бўлган ботил тақлидни кенг ёйишликка хизмат қилиш ҳамда динимизда қабоҳат ва разолат деб эътибор қилинган хулқларда мусулмон бўлмаган кишиларнинг аҳмоқона ишларига эргашишдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кўр кўрона тақлиддан огоҳлантириб: “Ким бирор қавмга тақлид қилса, у ўша қавмдандир”, деганлар. Имом Абу Довуд ривояти.
Хулоса шуки, ёлғон ҳар доим ҳаромдир. Хусусан, 1 апрелдаги ёлғоннинг ҳаромлиги зиёдароқдир. Чунки инсон бу иши билан жамиятда бузуқ хулқнинг тарқалишига ҳамда бошқа дин вакилларига тақлид қилишга ҳисса қўшган бўлади.
|