Абдулла Қодирий миллий адиб, миллатнинг жонкуяр ижодкори. Унинг таваллудига 126 йил тўлди.
Ўтган йили севимли ёзувчимизнинг юбилей санаси йил давомида адабиёт, маънавият ва маърифат байрами сифатида кенг нишонланди. Ёзувчи хотирасига бағишлаб барпо этилган ижод мактаби, "Турон" кутубхонаси, музейни ўзига жамлаган маърифий мажмуанинг очилишида давлатимиз раҳбари айтган сўзлари ёдимиздан кетмайди. Маъноси шуки, жадидчилик ҳаракатига асос солган боболаримиз катта-катта бойлик орттиришни ўйламаган. Улар миллатни уйғотишни, унга зиё, маърифат улашишни, халқни билимли, теран маънавиятли, маданиятли бўлмоғига кўмаклашишни умр мазмуни деб билганлар.
Миллатимизнинг виждони бўлган Абдулла Қодирий эса жадидчи маърифатпарварларнинг олдинги сафларида эди. "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён" каби асарларида Қодирий бобомизнинг юртни чин маънода озод, ҳур, инсонни иллатлардан холи, комил тарзда кўришдек асл орзу-умидлари мужассам.
Зеро, янгиланаётган Ўзбекистон, Учинчи ренессанснинг бошланишига оид ҳаётбахш ғоялар ҳам айнан маърифатпарвар боболаримизнинг эзгу мақсад-муддаоларига ҳамоҳанг экани билан аҳамиятлидир.
2019 йилда Жулқунбойнинг қайтадан қад ростлаган уй-музейи ҳам унинг бундан кўп йиллар муқаддам бошига қора кунлар тушган, қаттол тузум зуғуми билан ўз уйидан олиб чиқиб кетилган машъум кунга ҳамоҳанг тарзда очилган эди. Назаримда бунинг ҳам ўзига хос маъноси бордек. Токи, бугунги авлод мустақиллик, ҳуррият қандай машаққатлар эвазига қўлга киритилганини доим ёдида тутмоғи шарт.
Бу мўътабар масканда шунчаки бефарқ юриш мумкин эмасдек. Ҳовлининг ҳар чеккасидан Қодирий бобонинг зийрак, мунгли нигоҳи гўё сизни кузатиб тургандек туюлаверади.
Қодирий асарларига наинки юртимизда, балки жаҳон миқёсидаги эътиборнинг асл сабаби нима? Мустамлака тузумининг, истило зулмининг асл қиёфаси, мақсад-муддаоларини адиб кўра билганида, десам янглиш эмас.
Башоратгўй адиб қайсидир архив манбаларида ўзи ҳақида қуйидаги сўзларни келтирганди: "...бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, меним хизматларим матбуот билан равшандир... Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар...".
Ҳа, Абдулла Қодирий китоблари кириб бормаган хонадоннинг ўзи йўқ юртимизда. Уни ҳамон ўқирлар ва унутмаслар!
instagram.com/angren_muzey www.angrenmuzey.uz t.me/angren_muzey
|