22:22
Тошкент музейлари


Тошкент музейлари

МУЗЕЙЛАР – 1917 йилгача Тошкентдаги биринчи ва ягона музей Тошкент музейи бўлган. 1917 йилдан кейин турли ихтисосдаги кенг экспозицияларга эга бўлган Музейлар ташкил этила бошлаган. 1918 йил князь Н.Романов саройида унинг мусодара қилинган коллекцияси асосида Бадиий музей (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат музейи), 1921 йил Эски шаҳар музейи, 1926 йил Ўзбек Эски шаҳар музейи ташкил қилинган. Маданий тараққиёт янги Музейлар ташкил қилиш ва мавжуд Музейларни қайта жиҳозлаш зарурлигини тақозо этган. Ўрта Осиё музейининг геология, зоология, ботаника ва антропология бўлимлари, қишлоқ хўжалиги музейи ва ҳайвонот боғи Табиат музейига айлантирилди. Республика кўргазмалари негизида Политехника музейи (1933), Амалий санъат музейи (1937; 1937–91 йилларда Амалий санъат асарлари доимий кўргазмаси) ташкил қилинди; Адабиёт музейи тузилди.


1940 йилда Тошкент Музейларида 500 мингга яқин экспонат бўлган, музейларга кирувчилар сони 300 мингга яқин кишини ташкил этган. 2-жаҳон уруши йилларида Марказий тарих музейи, Ўзбекистон санъат музейи ва Адабиёт музейи – Тарих, маданият ва санъат музейига, Политехника музейи Табиат музейига бирлаштирилди. 40-йиллар ўрталаридан Музей қурилишида янги босқич бошланди. 1945 йил рус ёш томошабинлар театри эски биносида жойлашган Давлат санъат музейи мустақил музейга айланди. 1972 йил Ўзбекистон кино санъати музейи, 1973 йил Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш музейи, 1975 йил Туркистон ҳарбий округи қўшинлари тарихи музейи ташкил этилди. 1988 йил Антиқа ва заргарлик буюмлари музейи очилди. 60–80-йилларда Ҳ.Абдуллаев, М.Ашрафий, С.Бородин, Ойбек, Fафур Fулом, Ў.Тансиқбоев, Абдулла Қаҳҳор уй-музейлари ва Ю.Фучик, С.Есенин музейлари, Тамарахоним либослари доимий кўргазмаси ва бошқаларга асос солинди.

Тошкентда 29 та музей бўлиб, уларда 113127 экспонат сақланади; ҳар йили Музейларга ўртача 1,5 млн. га яқин киши киради (2008). Тошкентдаги йирик давлат музейлари: Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон амалий санъат музейи, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари марказий музейи, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ўзбек либослари галереяси ва бошқалар. Музейлар илмий асарлар, қўлланмалар ва каталоглар нашр этади. Ўзбекистон халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси, планетарий музей типидаги муассасалар типига киради. Тошкент корхоналари, муассасалари ва ўқув юртларида ташкил қилинган Музейлар давлат музей тармоқларини тўлдиради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 2008 йил 12 сентябрда «Музейлар тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Қонунда «Миллий музей фонди», «Миллий музей фондининг давлат каталоги», «Музей», «Музей ашёси», «Музей коллекцияси», «Сақлаш», «Эълон қилиш» каби тушунчаларга батафсил изоҳ берилган. Ушбу ҳужжат Музейлар фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, уларни музей ашёлари билан бойитишга замин яратди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил


instagram.com/angren_muzey www.angrenmuzey.uz t.me/angren_muzey

Ko'rishlar: 414 | Qo'shilgan: doynub | Baho: 0.0/0
Jami sharhlar: 0
avatar