Бир пайтлар Муҳаммад исмли сув сотувчи йигит бўлиб, ҳар куни бозорда аравасини судраб сув сотар экан. Одамлар унинг гўзал одоби-ю, гап-сўзларига жуда ошиқ эканлар.
Сув сотувчи йигитнинг довруғи подшоҳгача етиб келибди. Шунда подшоҳ вазирига "Сув сотувчи Муҳаммад исмли йигитни ҳузуримга келтиринг", дебди. Вазир тезда бозорга бориб, уни ахтариб топиб, подшоҳнинг ҳузурига келтирибди.
Подшоҳ Муҳаммадга деди:
- Бугундан бошлаб бозорларда эмас, балки мана шу саройда ишлайсан. Меҳмонларимга гўзал одобинг ила сувингни улашасан ва ёнимда ўтириб, сени машҳур этган нодир ҳикояларинг ҳақида менга сўзлаб берасан.
Муҳаммад:
- Сиз нима десангиз шу Мавлоно, - дебди.
Ўша куни Муҳаммад уйига бориб, завжасига хуш-хабарни ҳурсанд бўлиб етказибди. Эртасига аравасини ювиб, ялтиратиб, энг сара кийимларини кийиб, саройга отланибди.
Меҳмонлар билан тўлган саройга кириб, одамларга сув улашишни бошлаб юборибди. Бўшаши биланоқ ўзининг кулгили ҳикоялари-ю, нодир воқеаларни сўзлаб бериш учун подшоҳнинг олдига бориб ўтирар экан. Куннинг сўнгида эса иш ҳақини олиб, уйига кетар экан. Кунлар шу зайлда давом этибди.
Бир куни Муҳаммад подшоҳнинг қалбига йўл топа олгани учун вазирнинг ғайрлиги кела бошлабди. Уйига қайтиб кетаётган Муҳаммадни кузатиб турган вазир унга қарата дебди:
- Эй Муҳаммад, сенинг оғзингдан таралаётган ёқимсиз ҳидга подшоҳим шикоят қиляптилар.
Муҳаммад таажжубланиб дебди:
- Бу кариҳ ҳид безовта қилмаслиги учун нима қилсам экан?
Вазир:
- Ҳар куни оғзингга саримсоқ пиёз солиб, кейин саройга кел.
- Яхши, шундай қилганим бўлсин, деб кетибди.
Тонг отгач Муҳаммад оғзига саримсоқ солиб, одатдагидек аравасини судраб, саройга келибди. Подшоҳ буни кўриб хайрон бўлибди, аммо бирон-бир сўз демабди. Бу хол ҳар куни такрорланавергач, подшоҳ вазирдан бунинг сабабини сўрабди.
Вазир:
- Мавлоно, сизга айтсам бошимдан айриламанми, деб чўчиб турибман.
Подшоҳ:
- Сенга омонликни ваъда қиламан. Менга билганларингни айтавер.
- Мавлоно, Муҳаммад шикоят қилди. Гуёки, оғзингиздан кариҳ ҳид таралаётган эмиш.
Подшоҳ ўрнидан сапчиб туриб, ғазаб билан бориб Маликага бу хабарни етказибди.
Малика дебди:
- Ким бу фитнани тарқатган бўлса, эртагаёқ бошидан жудо бўлади. Токи, обрўйингизни камситмоқчи бўлганларга бу сабоқ бўлсин.
Подшоҳ:
- Фикрингизга қўшиламан, дебди.
Эртасига подшоҳ жаллодни чақиртириб:
- Бугун оқшом саройдан гулдаста кўтариб, чиқиб кетаётган одамнинг бошини танасидан жудо қиласан. Уқдингми? дебди.
Жаллод «ҳа» деб ишига қайтибди.
Тонг отиши билан сув сотувчи одатдагидек қасрга ташриф буюриб, ҳаммага илиқ табассуми ила сувини улаша бошлабди. Кетар чоғи етганида эса подшоҳ унга ҳадя тариқасида бир даста атир гулларни тортиқ қилибди. Муҳаммад ҳурсанд бўлиб гулларни олиб кетаётганида, йўлда вазирни учратиб қолибди. Вазир унга:
- Ким сенга бу гулларни берди?
- Подшоҳим бердилар, дебди Муҳаммад.
Шунда вазир:
- Уларни менга бер, сендан кўра уларга мен кўпроқ ҳақлироқман, дебди.
Муҳаммад гулларни вазирга бериб, ўзи уйига кетибди.
Гулларни кўтариб чиқаётган вазирни кўрган жаллод эса уни дарров бошидан жудо қилибди.
Эртасига Муҳаммад қасрга келиб, ҳозир бўлганларга сув улаша бошлабди. Подшоҳ уни кўриб, хайрон бўлиб сўрабди:
- Саримсоқ пиёзни оғзингда олиб юришингни сабаби не?
- Подшохим, вазирингиз келиб менга оғзимдан таралган кариҳ ҳид туфайли шикоят қилганингизни айтиб, оғзимга саримсоқ солиб юришимни амр этди.
Подшоҳ яна сўрабди:
- Сенга берган гулларимчи?
Муҳаммад дебди:
- Вазирингиз гулларни мендан олиб, уларга кўпроқ у ҳақлироқ эканлигини айтди.
Подшоҳ кулиб дебди:
- Чиндан ҳам гулларга кўпроқ у ҳақлироқ экан..
Кун ҳикмати
Қалбинг тоза бўлса, сенга Аллоҳ таоло сен билмаган нур ато этади.
Сен билмаган холатингда одамларнинг суюклиси бўласан..
Сен кутмаган ердан сен истаган нарсаларинг келаверади..
Гўзал ният соҳиби, истисносиз барчага яхшиликни раво кўрар...
instagram.com/angren_muzey www.angrenmuzey.uz t.me/angren_muzey
|